Конституциявий ислоҳот кўзбўямачиликдан ўзга нарса эмас
Конституциявий ислоҳот кўзбўямачиликдан ўзга нарса эмас
بسم الله الرحمن الرحيم
Афтидан Шавкат Мирзиёев ҳам ўзидан аввалги золим Каримов сингари ўлгунича ҳокимиятда қолишни истаяпти. Чунки Конституцияни ўзгартириш бўйича қонун лойиҳасига кўра, Мирзиёевда 2040 йилгача президент курсисида қолиш имконияти туғилади. У Конституциявий ислоҳотлар ҳақида гапиришни бошлаганда асосий мақсад ўзининг ҳокимиятда қолиш вақтини узайтириш эканлигини ҳамма тушуниб етган. Бироқ ҳар доимгидек ҳукумат бунга халқ фаровонлигини таъминлаш ва унинг хоҳишидир, дея изоҳ беришга уриняпти. Жумладан, Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ва Конституциявий комиссия раҳбари Акмал Саидов:
“Конституцияни ўзгартириш учун аҳолидан кунига 5-6 мингта ариза келиб тушаяпти. Уларнинг аксарияти Муҳтарам Президентимизнинг ваколат муддатини ноллаштиришга доир. Биз демократик давлатда яшаяпмиз, халқни истаги биз учун қонун!” — дея бу “ислоҳот”га изоҳ берган.
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам
“…президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев қандайдир ҳокимиятга тиш-тирноғи билан ёпишиб олган сиёсатчи эмас” демоқда.
Аммо воқелик бунинг тескарисини кўрсатмоқда. Мирзиёевнинг ўз тилидан чиққан биргина мисол билан унинг ҳокимиятга айнан тиш-тирноғи билан ёпишиб олганини исботлаб қўйиш мумкин. У ўз чиқишларидан бирида кадрлар давлат ёки халққа эмас, балки ўзига содиқ бўлиши кераклигини қатъий таъкидлаганди. Ахир, бу унинг давлат ва халқ билан иши йўқлигини, ягона дарди ҳокимиятда қолиш эканлигига ҳамда кадрлар давлат ва халққа эмас, унга хизмат қилиши кераклигига яққол далил эмасми? Яна бир яққол далилни ҳам ўз оғзи билан айтиб қўйган. Президентлик учун сайлов олди кампаниясидаги учрашувларининг бирида, аксари ёшлар иштирок этган йиғинда у ҳайкал воқеасини худдики ўрнак, намуна сифатида айтиб берганди. Яъни ўз мансабида қолиш учун ҳар қандай ишга тайёр бўлганлигини зимдан тан олганди.
Бундан ташқари, халқнинг бу конституция билан умуман иши йўқ. У конституцияни ўзгартиришлар борасида таклиф билдириш тугул ҳатто конституция нима эканлигини ҳам яхши билмайди. Албатта бу бежиз эмас. Сабаби асосий қонун бўлмиш ҳозирги конституция халқ эътиқодини умуман эътиборга олмайди. Бу конституция фақат сиёсий элита ва у хизмат қиладиган мустамлакачи кофирларнинг манфаатлари кўзланган ҳолда ишлаб чиқилган. Бизнинг мусулмон халқимиз уйида конституцияни сақламайди, балки – деярли қўлига олиб ўқимаса ҳам, ҳарқалай – ҳар бир оилада албатта Қуръон сақланади. Сизнинг конституциянгиздан бир харфни ҳам билмаслиги мумкин, бироқ Исломдан озми-кўпми хабари бор. Бу халққа сизнинг конституциянгиз умуман бегонадир, унга Ислом яқинроқдир.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, конституцияга ўзгартириш киритиш халқдан чиққан фикр эмас ва у халқни рози қилиш учун қаратилган эмас. Балки бу фикр ҳокимиятда иложи борича узоқроқ қолишни кўзлаётган анави мансабпараст Мирзиёевнинг фикридир. Ва унинг мақсади Ғарб, хусусан Америкага ўз ҳокимиятини узайтиришни қатъий демократик қонунлар асосида қилаётганлигини кўрсатишдир. Бу билан у худди мана мен сизлар хоҳлагандек иш тутяпман, буни сизни рози қилиш учун қиляпман, демоқчидек. Ва агар Мирзиёев Американинг Ўзбекистон ва Ўрта Осиёдаги манфаатларини ҳимоя қилишда бардавом бўлишига уни ишонтира олса, Америка ҳам бундай конституциявий ўзгаришларга кўз юмади. Бу унинг қандай реакция беришидан маълум бўлади. Ҳозирча унинг бу борадаги реакцияси салбий ҳам, ижобий ҳам эмас. Демакки, Мирзиёев бу борада ўзини хотиржамроқ сезмоқда.
Юқоридаги фикрларни биз ушбу демократик принципларга асосланган конституцияни тан олишни назарда тутиб билдирмаяпмиз. Зеро, бу конституция биз мусулмонларга бегона бўлиб, динни ҳаётдан ажратишга асосланганлиги сабабли ботилдир. Қонунлар манбаи ҳам инсон ақли эмас, балки Аллоҳнинг Шариати бўлиши лозим. Демократия тамоман Исломга зид экан, ҳозирги конституция ҳам, президентлик бошқаруви ҳам тугатилиб, Шариат ҳокимият эгасига айланиши ва халифалик бошқаруви қарор топиши халқимизнинг эътиқоди ҳамда шу эътиқодидан келиб чиқадиган фикр ва туйғуларига мос келади. Мана шу ягона тўғри ечимдир.
Энди конституцияни ўзгартиришга келсак, бугунги конституцияларнинг вақт ўтиши билан эскириб, ислоҳ қилинишга муҳтож бўлиши ҳам уларнинг ботил ва яроқсиз эканлигига яққол далиллардан биридир. Уларнинг барчаси динни ҳаётдан ажратишга асосланган экан, ҳеч қачон мукаммаллик даражасига чиқа олмайдилар. Бундай мукаммаллик фақат Аллоҳга ҳосдир, Унинг қонунларига ҳосдир. Ҳукм чиқариш ҳам Аллоҳнинг ҳаққидир. Аллоҳ Субҳонаҳу айтади:
{إِنِ الْحُكْمُ إِلاَّ لِلَّهِ}
– “Ҳукм ёлғиз Аллоҳнинг измидадир”. (Юсуф:67)
Шунинг учун ҳам давлатнинг асосий қонуни Қуръон ва Суннатдан саҳиҳ ижтиҳод орқали ишлаб чиқилиши лозим. Ва бу давлат дустури (конституцияси) ҳар қандай ҳолат, халқаро вазиятлардан қатъий назар ўзгармайди. Чунки Аллоҳнинг қонунлари ҳар қандай замон ва маконга ҳеч шубҳасиз мос келувчидир. Бу борада Ҳизб ут-Таҳрир изланиш олиб бориб Халифалик давлати дустурини ишлаб чиққан. Хоҳлаган киши уни кўриб чиқиб, жоиз деб билса ўз фикрларини билдириши мумкин.
Ислом тузумидаги имом-халифанинг бошқарувига келсак, бир халифа сайланганидан сўнг унинг ваколат муддатига чеклов қўйилмайди. Чунки халифага муайян вақтгача бошқарасиз, дея байъат берилмайди. Қачонки у халифалик қилишдан маълум бир сабабларга кўра ожиз бўлиб қолса унинг ўрнига бошқа халифа сайланади. Бир халифа бир ой ҳам ёки ўн ва ундан кўпроқ йил ҳам бошқарувда туриши мумкин. Чунки Шариат халифалик муддатини муайян вақтга чекламади.
Хулоса қилиб айтамизки, бугунги қонунлар ҳокимият эгалари қўлидаги бир ўйинчоққа айланиб қолди. Улар қачон хоҳласалар ўз манфаатларига кўра қонунларни ўзгартириб, одамларнинг хоҳишлари шу, деган важ-карсонни кўрсатмоқдалар. Ҳамма бу қонунлардан тўйиб бўлди. Биз Аллоҳнинг Шариатига қайтмас эканмиз, ўз халқини мустамлакачига қул қилиб бераётган ҳокимият эгаларининг зўравонлигидан асло қутула олмаймиз.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги матбуот бўлими аъзоси Форуқ
27.06.2022й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми