Солиқ олдиндан тўланадиган Ўзбекистон!
Солиқ олдиндан тўланадиган Ўзбекистон!
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ўзбекистонда бошқа ҳеч бир давлатда учрамайдиган аномал ҳолат – солиқ идораларининг аҳолидан солиқни олдиндан тўлашни талаб қилиши Ўзбекистон “мустақил” бўлганидан озгина вақт ўтиб амалиётда қўллана бошланган. Бу кўпроқ тадбиркорлар ва бюджетдан ойлик олиб ишлайдиганларга тегишли. Айниқса, тадбиркорлар бундай қонунсизликдан неча йиллардан бери азият чекиб келишади. Бюджет ташкилотлари ходимлари ҳам ҳали олмаган ойликлари учун даромад солиғини олдиндан тўлаб берилишига кўникиб ҳам қолишган. Бундай абсурд амалиёт норасмий буйруқлар орқали бюджетдаги тешикни ёпиш учун қўллаб келинади. Шу вақтгача солиқ идораси томонидан бу нарса очиқ тан олинмаган эди. Яқинда Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ниҳоят бу ҳақда оғиз очди.
27 июн куни Тошкент шаҳрида ўтказилган тадбиркорлар билан мулоқотда Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев Ўзбекистонда тадбиркорлардан келаси ой ёки чорак учун олдиндан солиқ ундириш амалиёти мавжуд эканлигини маълум қилди. Кудбиев республикада солиқ тушумлари ошаётгани, шунга қарамай баъзи солиқчилар олдиндан пул ундиришга уринаётганини қоралаб, шундай деди: “Солиқ тушумларида шу йилнинг олти ойида ўтган йил мос даврига нисбатан камида 25 фоиз ўсиш бўлади. Ҳалигача айрим солиқ органларида тадбиркорга қўнғироқ қилиб, “5, 10, 20 миллион сўм ўтказиб тур, кейинги ой ҳисобидан ҳозир аванс бериб тур”, деган масалалар турибди. Ўзимнинг ходимларимга: ҳой барака топгурлар, солиқ тушуми ўзи 25 фоиз ўсяпти, майли бу 24 фоиз бўлақолсин. Бизни 30–40 фоиз қиласан деган топшириғимиз йўқ-ку, дейман”.
Унинг сўзлари ҳақиқатга тўғри келмайди, чунки айнан “юқоридан” мана шундай норасмий топшириқлар берилиши ортидан солиқ ходимлари аввалдан солиқ ундиришга мажбур бўлишади. Кудбиев эса бундай иш гўё оддий ходимларнинг ўзидан чиққандек қилиб кўрсатмоқчи бўляпти. Таъкидлаш лозимки, ходимлар ижрочилардир, улар бунчалик оммавий даражадаги қонунсизликка шахсий ташаббуслари билан қўл урмайдилар. Уларга “юқоридан” қонунни четлаб ўтиб, ҳар қанақасига бюджетни тўлдириш бўйича “кўк чироқ” ёқиб берилмас экан, ўзларича бунга журъат қилишмайди. Шунинг учун ҳам Кудбиевнинг сўзлари халқни чалғитишдан бошқа нарса эмас.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, солиқ идоралари ходимлари кези келса раҳбарият бор айбни уларга тўнкаб, ўзи сувдан қуруқ чиқишга уринишини тушуниб етсинлар. Мана, Кудбиевнинг сўзлари бунга ёрқин мисолдир. Бу ҳукумат дўппи тор келганда ҳар доим энг қуйи бўғиндаги хизматчиларни осонгина қурбон қилиб юборишини англаб етсинлар! Одатда, халқдан солиқ ундириш, аввалдан тўлашни талаб қилиш мана шу оддий ходимлар орқали амалга оширилади. Мазкур ходимлар билсинларки, халқ биринчи навбатда уларни ёмон кўради. Чунки улар халқ билан бевосита алоқа қиладилар. Шунинг учун ҳам улар “юқоридан” келаётган бемаъни буйруқларни кўр-кўрона бажаришда жуда эҳтиёт бўлишлари лозим. Эртага ўша буйруқларни берган раҳбарият ҳеч нимани тан олмай, бор айбни оддий ходимларга осонгина юклаб юборишдан тап тортмаслигини тушуниб етишлари керак.
Юқоридагиларга қўшимча қилиб шуни айтамизки, ўзбек режимининг ҳозирги солиқ сиёсати Исломга асосланмаганлиги сабабли солиқ органларида ишлаш мусулмон учун шаръан дуруст эмас. Бу борада Росулуллоҳ ﷺ шундай деганлар:
لا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ صَاحِبُ مَكْسٍ
“Солиқ йиғувчи жаннатга кирмайди”. Айниқса, мана бундай норасмий “қўл бошқаруви” амалда экан, бундан мусулмон халқимизга фақат зулм етади холос. Ана шундай зулму зўравонликка – ҳатто оддий ходим сифатида бўлса ҳам – ҳар бир мусулмон одам шерик бўлиб қолишдан жуда эҳтиёт бўлиши лозим.
Энди ўзбек режимига келсак, у ўз халқини солиқ билан эзаётгани етмаганидек, уни олдиндан ундиришдек қаттиқ зулм қилишдан ҳам тоймаяпти. Буларнинг барчасига фақат Исломни ҳокимият тепасига олиб келиш билан чек қўйиш мумкин холос. Шундай экан, мусулмон халқимиз ўз Исломига юзланиб, унинг қонунлари асосида бошқариладиган Ислом давлатини барпо қилишга ўз ҳиссасини қўшиши вожибдир!
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон Матбуот бўлими аъзоси Форуқ
09.07.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми