Уларни ҳидоятини сўрадим, ака

“Зиндон хотиралари” туркумидан
Уларни ҳидоятини сўрадим, ака
بسم الله الرحمن الرحيم
2000 йил. Зонадаги қийноқлар биродарларни тинка-мадорини қуритгудай оғир ва тўхтовсиз эди. Золимлар биринчи группа ногирони бўлган, кўзлари ҳам ожиз қори акани – Қўқонлик Абдуқаюм акани карантиндаёқ уриб ўлдирдилар. Аммо мени сизга айтарим булар ҳақидамас.
Жуссаси кичик, камгап, калтакка беписанд, нола фироғи атрофга эшитилмаган укамиз ҳамма биродарлар ичида эътиборимни тортди. Уни яхшигина таниган ҳамшаҳарининг айтишича, терговда тирноғини ҳам суғуриб олишган экан. Кейинроқ кўзим тушди, ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғида тирноқ йўқ эди. Негадир уни золимлар қайта-қайта штабга чорлаб, калтаклаб бир аҳвол қилиб ётоққа қайтарардилар. Кейин билсам у Ҳизб ут-Таҳрир партиясининг масъул йигитларидан бўлган экан.
Бир сафар штабга олиб кетишди-ю, қайтиб келмади. Изоляторга узоқ муддатга қамашибди. Кўп ўтмай ўша ерда битта камерада учрашдик. Режим бошлиғининг режасига кўра камерадаги бешта биродарни ёлғиз-ёлғиз қилиб камераларга бўлиб ташлагач ажралишдик. Шундан кейин кўришолмадик. Орадан қийноқли ойлар ўтди ва мени бу зонадан ризқим кўтарилиб, бошқа зонага кўчиришди. Зонадан зонага тўрт йил нари-бери қилишгач, Навоийдаги 64/46-қамоқхонада ўша укамни учратиб қолдим. Ўша-ўша камгап, хотиржам, нола-фироққа бегона. Сочларини оқарганини ҳисобламаса, бир кўришдаёқ танийдиган даражада ўзгармаган.
Кўришдик. Ажойиб дийдор. Ҳали салом алигимиз тўлиқ бўлмаган эса-да, кўзлар тўқнашуви киприкларни намлади. Оғир ва кетма-кет синовлардан “сўзловчи” кўзлар “суҳбатлашар” экан, забонимизни ўрнидан силжитмай, бир муддат “дардлашди”лар. Билмадим, бу қалблар яқинлиги, улфатлиги натижасими, таърифлаш имконсиз. Кўп йиллар табассумга бегона кўзлар ўз ўрнидан анча ортга чекинган. Билаклар гўё ёш бола ҳам синдира оладиган “чўпакка” айланган. Елкалар қучилганда суяклар шакли сезилади. Аммо бу нозиккина вужудда иймон қуввати сақланиб қолган бўлиб, уни девсифат “ҳўкизлар” тиз чўктирмоқдан ожиз қолган эди…
Сўз сўзга тез қовушиб роса яйрадик. Юзларимизга анча нари кетган табассум “меҳмон” бўлди. Бизнинг эски қадрдонлар эканлигимизни билган зийракларимиз аччиққина чой келтиришди. Суҳбатимизни хос деб билгандай бизни холи қолдирдилар.
(Кези келганда ўқувчимизга таништириб ўтай, бу йигит Қўқонлик Қурбонали, 1999 йилдан бери озод қилинмай ҳануз зиндонда сақланмоқда!)
Бир қатор “анавини қаранг-а” деган мавзулар тугади. Мен исми жисмига мос укамиздан айро ўтган тўрт йилда кўрган кечирганларини сўзлашини илтимос қилдим. “Ҳа энди ака билассу, хўроз ҳар жойда бўлмасин бир хил қичқиради” деганига кўнмадим. Ваниҳоят, охиратга захира қилган хотираларини қисиниб, қимтиниб, тортинибгина сўзлай бошлади.
Сиз азиз ўқигувчимизга ёзиб ифодалаш имконсиз қийноқларни ўта камтарлик билан (қистовим туфайли) сўзлаб берди. Укамизни қийноққа солган режим бошлиғи Бобоев Пўлат Мамедовични танимаган маҳкум йўқ. Аблаҳ одам. Ҳатто мен йиллар ўтиб уни эсласам, қарғамасдан қуруққина Бобоев, деб қўя қолмайман. Укамиз у аблаҳнинг зулмларидан энг камёб қийноғини айтиб бераркан, этларим титраб кетди. Аммо укамни тилагига кўра ўша қийноқларни бунда келтиролмайман. У сўздан тўхтагач, унга:
– Худойим Ўзи хор қилиб, шол қилиб ташласин ўша Бобоевни, – деганимда, укам менга енгил табассум билан қараб “Ака, бизлар сўнгги Пайғамбар меросхўримиз ва сўнгги умматмиз. Инсониятга тўғри йўл, тўғри турмуш тарзини кўрсатувчи биздан бўлак уммат йўқ. Биз қарғашдан кўра, ҳидоят тилашни афзал билган Пайғамбаримиз ﷺнинг одатларига тескари юролмаймиз” деди.
Шу сўнгги жумла мени бошқача қилди, қўйди. Шундай бўлса-да, безлигим тутиб:
– Анави Бобоев қотилни ўша қийноқлар остида сал-пал бўсаям Худодан сўраб, қилган дуода эслагандирсиз, – дедим. У ўзига хос пастроқ овозда:
– Эсладим ака. Мен уларни ҳидоятини сўрадим ака, – деб мени ерга қаратди…
Инсониятни нажотга чорловчи сўнгги уммат эканлигимиз масъулиятини ўша укамдан таълим олгандим.
Эй азиз даъватчи биродарлар! Бундай мард ўғлонларни ҳаққига дуо қилинг! Улар ҳануз зиндондадирлар. Ва уларни Сарвари Коинот ﷺни чин маънодаги меросхўрлари этган даъват услубларидаги олий ҳимматлигидан ибратланинг! Зора, сизу мен кабилар даъвати Уммат қалбидан чуқур жой олса!
وَالَّذِينَ صَبَرُوا ابْتِغَاءَ وَجْهِ رَبِّهِمْ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً وَيَدْرَءُونَ بِالْحَسَنَةِ السَّيِّئَةَ أُولَٰئِكَ لَهُمْ عُقْبَى الدَّارِ
– “Парвардигорларининг Юзини кўзлаб (меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб намозларини тўкис адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилган ҳамда ёмонликни яхшилик билан қайтарадиган зотлар – ана ўшалар учун охират диёри бордирки, (у диёр) абадий туриладиган жаннатлардир”. (Раъд: 22)
(Сизни зериктирмадиммикин, дея эслаганим – ўша хотиралардан)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Зайниддин
02.08.2023й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ