Қурилиш соҳасидаги коррупциянинг нақадар илдиз отгани фош қилинди
Қурилиш соҳасидаги коррупциянинг нақадар илдиз отгани фош қилинди
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
29 август куни Савдо-саноат палатаси томонидан қурилиш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбирда сўз олган тадбиркор Усмонжон Абдусаматов, Тошкентда қурилиш учун рухсатномалар ва кадастр ҳужжатларини олиш жараёнида коррупцияни танқид қилди. Унинг айтишича, рухсатномалар ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш билан боғлиқ “қўшимча харажатлар” ҳар бир уй учун 200 минг долларгача етиши мумкин. Абдусаматов шунга қадар аризалар қайта-қайта рад этилиши ва “ассалому алайкум” бўлганидан кейингина рухсат бериш ҳолатларига эътироз билдириб, бирор чора кўришни талаб қилди.
3 сентябр куни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тадбиркорнинг эътирозларига муносабат билдирди. Вазирлик билдирганидек:
- Қурилиш соҳасига оид барча давлат хизматлари ва тўловлар электрон тарзда амалга оширилади, қўшимча маблағ талаб қилиб бўлмайди.
- Жисмоний ва юридик шахслар шаҳарсозлик ҳужжатларини фақат my.gov.uz портали ва Давлат хизматлари марказлари орқали юбориши мумкин.
- “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали барча жараёнлар назорат қилинади.
- Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида шаҳарда қуриладиган объектлар учун белгиланган йиғимлар Тошкент шаҳри ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.
- Баёнотда ислоҳотлар бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва тадбиркорлар учун қулайлик яратишга қаратилгани таъкидланди. (kun.uz)
Бугунги кунда давлатлар коррупцияга қарши “сеҳрли таёқча” сифатида рақамлаштиришни кўрсатишяпти. Гўёки инсон омили қисқарса, пора ҳам йўқолармиш. Аммо бу ҳақиқатдан узоқ. Рақамлаштириш коррупцияни йўқотмайди, чунки электрон тизимлар барибир инсонлар орқали бошқарилади. Коррупция ва порахўрликка мойиллик ва шарт-шароит мавжуд экан, ҳар қандай дастурларни айланиб ўтишга уринишлар бўлаверади. Ходимлар компьютерда ўтириб олиб, хоҳласа “ўзиники”га йўл очади, хоҳласа “бегона”га тўсиқ қўяди. Шунинг учун “инсон омили йўқолади” деган даъво бир иллюзиядан бошқа нарса эмас.
Асосий муаммо эса тузумнинг ўзида. Капиталистик тузумда давлат хизмати халқ учун эмас, алоҳида гуруҳлар манфаати учун ишлайди. Шунинг учун коррупцияни йўқотишнинг иложи йўқ, рақамли бўладими, қоғозли бўладими, тузумнинг ўзи уни қайта ишлаб чиқараверади. Чунки коррупция капиталистик демократия тузумининг қонида айланиб юрган заҳар. Порахўрлик фақат сиртда кўриниб турган яра ёки симптом кабидир, аслида эса бутун тана касалга чалинган. Қонунлар ҳам, қарорлар ҳам халқ учун эмас, пулдорлар учун ишлайди. Шунинг учун порага қарши курашиб, лекин тузумнинг ўзига тегмаслик – тешик кўзага сув қуйиш билан баробар.
Хулоса қилиб айтганда, коррупция айрим шахсий нуқсон эмас, балки капиталистик демократиянинг табиий оқибати. Шу боис коррупцияни йўқотишнинг ягона йўли порачи мансабдорларни жазолаш эмас, балки бутун тузумни илдизи билан қўпориб ташлашдир.
Ҳақиқий ечим эса Исломда. Чунки Исломда давлат хизмати савдо объекти эмас, балки масъулият ва омонат ҳисобланади. Расулуллоҳ ﷺ шундай дедилар: “Аллоҳ лаънат қилсин пора берганни ҳам, пора олганни ҳам”. (Абу Довуд ривояти). Шу сабабли Исломий бошқарувда мансабга бойлик орттириш воситаси эмас, балки масъулият ва омонат сифатида қаралган.
Масалан, Урва ибн Муҳаммад роҳимаҳуллоҳнинг Ямандаги ҳокимлиги бунга ёрқин мисолдир. У вазифасини бошлаганда: “Эй Яман аҳли, бу менинг уловим, агар мен Ямандан чиқиб кетишда бундан ортиғи билан чиқсам, демак мен ўғриман!” – деган. У 20 йил давомида ҳокимлик қилиб, вазифасини тугатиб Яманни тарк этганда фақат туяси, қиличи ва Қуръони бор эди холос. Ортиқ ҳеч нарса йўқ. (Таҳзибул Камол фи Асмаир Рижол китобидан).
Яна бир мисол, Умар ибн Хаттоб (р.а.) халифа бўлган пайтда ҳокимларнинг вазифасига киришидан аввалги ва кейинги мол-мулкларини қатъий назорат қилган, адолатдан оғганларни эса дарҳол вазифасидан озод этган.
Эътибор беринг, Халифалик давлати ҳукм сурган асрларда рақамлаштириш ва электрон тизимлар умуман мавжуд бўлмаган. Бироқ шунга қарамай, бугунги коррупция, деб аталаётган иллатнинг ҳиди ҳам бўлмаган, пора(ришва)дан эса нажасдан ҳазар қилгандек сақланишган. Чунки ҳукмдорлардан тортиб оддий ходимларгача ўз ишига Аллоҳдан қўрққан ҳолда масъулият билан ёндашган. Демакки, коррупцияга қарши курашда рақамлаштиришни асосий ечим сифатида кўрилиши мутлақо нотўғридир.
Агар коррупцияга ҳақиқатда барҳам бериш керак бўлса, бунинг учун давлат хизматчиларидан тортиб давлат бошлиғигача Исломий таълим-тарбия берилиши шарт. Уларга адолат ва омонат ҳиссини сингдириш, шу билан бирга, хизматларига яраша муносиб иш ҳақи тўлаш зарур. Чунки маошнинг пастлиги ҳам порахўрликка йўл очиши мумкин. Бироқ бунинг учун бошқарув Ислом асосида бўлиши шарт. Мана шундагина халқимиз, хусусан, тадбиркорлар безиб кетган коррупция ва порахўрлик иллати жамиятимиздан тозаланади.
Салоҳиддин
10.09.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми