Зиёрат ҳикматимикин?

Зиёрат ҳикматимикин?
(Ушбу мақоламда эсланадиган онахонимиз бугун 7 июн чоршанбада Аллоҳнинг ҳузурига риҳлат қилдилар… Ва мавзу ушбу онахон хотираларига бағишланади. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун)
بسم الله الرحمن الرحيم
Эри ва ўғиллари кетидан 20 йил ҳали Жаслиқ, ҳали Қарши зоналарига қатнаб, уйда қолган қизлари, набираларининг ташвиши ва камига анави олабўжиларнинг бот-бот идораларга чақириб безовта қилишлари онахонни қишлоқ урф-одатлари бўлган тўй-маракалардан ҳам анча узоқлатиб қўйди. Қишлоқ таъбири билан қисқа айтсак, “элдан чиқиб қолди”.
20 йилдан кейин бирин-кетин эри ва кичик ўғли келиб зоналарга қатнаш бир мунча камайди-ю, аммо ташвиш кўпайди. Оғир зоналардан юпқаланиб чиққан азизлари онахонга етарлича тиргак бўлиша олмадилар. Уларни соғлигини эпақага келтириш учун ҳовлидаги сал ортиқчадек туюлган буюмларни у бу кимларга сотиб, дори-дармонга сарфладилар.
Мен бу онахонни кўпдан бери танийман. Табиатларида ажиб бир хокисорлик, камтарлик ва ўта хушмуомалалик бор бир муслима аёл эдилар.
Мен зонадан чиққанимда хонадонимга келган зиёратчи аёллар ичида онахон кўринавермагач, суриштирдим. Озгина бетоб дейишди. Бир неча бор уйларига борсам-да, турли сабаблар билан уйидан тополмадим.
Жума кунларининг бирида онахон билан кўришишга Аллоҳ Таолонинг ёрдами билан эришдим. Зеро, хонадон аҳли ҳеч кимни ўша хокисор она билан кўриштирмас эдилар. Бунга сабаб қилиб врачларнинг “холи қўйинглар” деган талаблари экан.
Хуллас ўша жума қатъий ният билан бордим. Уйдагиларининг у бу сабаб-узрларига “алданмадим”. Кўрмасдан кетмаслигимни айтиб, “без” бўлиб туравердим. Ахийри эрлари розилик бердилар ва мени бир муддат эшик олдида қолдирдилар. Ваниҳоят, онахон ётган хонага киргазишди. Хона шинамгина, аммо турли дори-дармонлар ҳиди беҳузур қиларлик даражада эди. Уй тўрида тўшалган кўрпача устида аввалда таниганим онахон ўрнига бир ҳовучгина, шипга термулиб ҳиссиз ётган озғин вужудни топдим. (Шу ўринда зерикмасдан ҳикоямни ўқиётган азизларга мурожаат қилиб, икки оғиз сўз айтишдан ўзимни тиёлмадим. Эй азиз биродар! Мабодо сизларнинг қадрдонларингиз орасида врачларнинг “биров кирмасин”идан ёлғизланиб қолган шундай танишингиз бўлса, уни зиёратига шошилинг. Чунки беморларга бир самимий дўст-биродарнинг ихлосли суҳбати таъсири табиб дориларидан кўра кам эмас.)
Астагина онахоннинг ёнларига бориб ўтирдим ва бу азиз инсон билан аввалда ўтган хотиралардан гап очиб дилдан суҳбатлашдим. Чиндан ҳам маддоҳлик ва муболағага мутлақо бегона сўзлар келарди менга:
– Онахон! Сизнинг аввалингиз менга кундек равшан. Сиз чеккан заҳматлар қадри ўзим тортган оғир кунлардан кўра анча юксак деб биламан. Лекин сиз ўшандай савобли амаллар соҳиби бўла туриб, бунақа ҳиссиз, қувончга бегона, умидсиз, тушкун кайфиятда туришингиз ҳеч хаёлимга келмаганди. Қани сиздаги кечаги журъатлар, нима бўлди ёки сўнгги мусибатлар сизни мағлуб қилиб қўйдими? Биласизми, сиз қандай мақомдаги онахонлардансиз? Агар бу юрт аёлларининг савобларини тарозунинг бир палласига ва сиз азизамиз каби онахонларникини иккинчисига қўйсалар, кошки эди уларники сизларники билан баробар бўла олса?! Йўқ онахон, хотиржам бўлинг, инша Аллоҳ асло баробар бўлмайди. Аммо шундай яхшилик эгаси, дунёдаги савоблар денгизидан баракали улушини ғамлаб олган сиздек бахтиёр ва омадли онахоннинг бунақа тушкун кайфиятда туриши менга бироз ғалати кўринмоқда.
Мен яна бир неча онахон билан боғлиқ хотиралардан сўзлагандим, ниҳоят юзларида табассум ва авваллари кўп бора кўрганим самимият, ихлосни топдим. Ҳузуридан чиқишга изн сўрагандим, дуога қўл очдилар ва мени ич-ичимни титратувчи ноёб тилаклар билан дуо қилдилар. Мен жигарбандлари ортидан зоналарга минглаб километр йўлларни босиб киролмай сарсон қилинганларини, ўғлига диллар изҳори битилган бир парча мактуб олиб киргани учун Навоий ИВС (вақтинча ушлаб туриладиган қамоқ)га 15 суткага қамалганларини, ҳар сафар зонага еткунча йўлда милиция ходимларининг сўроқ саволларини, хуллас Каримов бошлиқ Ўзбекистон ҳукумати мусулмонлар бошига солган, ўз халқига раво кўрган турли тазйиқ ва таъқибларнинг барчасига қайта-қайта тўқнашганларини эсларканман, онахонни ич-ичимдан дуо қилдим…
Ахир ўйлаб кўринг! Атрофда бугунги яроқсиз тузум ва бузуқ жамият самараси ўлароқ эрларига хиёнат қилишгача бориб етаётган айрим енгилтак аёллар, эри бирор тилагини адо қилолмай қолса, оиласидан осонгина воз кечаётган хотинлар ҳам шу онахон билан бир даврда яшамоқда-ку? Шунчаки солиштириб мен бу ва бунга ўхшаш онахонларни шу асрнинг садоқатда энг гўзал намунаси эканига асло шубҳаланмайман.
Мусулмонларга ўз юртини тор қилувчилар бошқаруви остида минглаб бу каби оналар адолатсиз ҳокимларга қўл силтаб, балки уларни қарғаб дунёдан ўтиб кетдилар. Эй Роббимиз, фарзанди ва эрлари 25 йилдирки ҳануз қамоқда ушлаб турилган бундай сабрли, садоқатли оналарни Ўзинг мукофотла..!
Менинг ушбу зиёратдан кўнглим ёришди. Чунки жаҳолат ёмғирдан кейинги қўзиқоринлардай урчиган даврда бундай солиҳа онахоннинг дуоларини олиш мароқли эди.
Эшикдан мени кузатиб чиқаётган онахоннинг хўжайинлари ҳайрлашиш арафасида айтган сўзлари мени ҳайратлантириб қўйди. Отахон менга қараб:
– Ука, раҳмат, Аллоҳ Таоло Ўзи сизни мукофотласин. Мен аёлимни қўл кўтариб дуо қилишига, тилак айтишига, табассум қилишига ҳозиргина гувоҳ бўлдим…, – дедилар.
Бу сўзлардан кейин ҳайрон бўлдим. Наҳотки, шундай? Мен ўзимни ўша вақтдаги ички кечинмаларимни сиз азизларга роса айтгим келди-ю, лекин уни ифодалашга жўяли сўз тополмадим. Бу нима, қандай таъсир, ажабо! Мен жавоб айтишга сўз тополмадим… Ичимда айланган биргина фикрга бироз қаноатландим. Яъни бунга сабаб эҳтимол, зиёрат ҳикматидир? Яна ҳам энг яхши билгувчи Аллоҳим.
(Шу онахонни дуо қилинг, азизлар деб ҳикоя қилганим – ўша кунлар хотирасидан)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Зайниддин
07.06.2023й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ
1447 ҲИЖРИЙ ЙИЛ МУБОРАК ҚУРБОН ҲАЙИТИ ТАБРИГИ
Суриядаги иқтисодий инқироз: Воқелик таҳлили ва исломий низомнинг нажоткор муқобили
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!