Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (uzdiplomat 14.04.2026й): Австралиянинг Перт шаҳрида Allied Biofuels FE LLC компанияси ва Ўзбекистон ҳукумати вакиллари ўртасида 6,08 миллиард долларлик улкан келишув имзоланди.
Изоҳ: Ушбу келишувга кўра, Хоразм вилоятида йилига 160 минг тонна барқарор авиаёқилғи (SAF), шунингдек, “яшил дизел” ва синтетик ёқилғи ишлаб чиқарадиган “яшил хаб” қурилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳа қайта тикланувчи энергия, қишлоқ хўжалиги хомашёси ва углеродни ушлаш технологияларини бирлаштирган ҳолда, Марказий Осиёдаги энг йирик “яшил ёқилғи” ташаббуси сифатида тақдим этилмоқда. Қиймати 6 млрд. доллар деб эълон қилинган келишув нафақат Ўзбекистон учун, балки халқаро миқёсда ҳам йирик лойиҳа ҳисобланади. Ўзбекистонда аввал ҳам мана шундай улкан лойиҳалар амалга оширилган, бироқ уларнинг барчаси фойда келтириш ўрнига, фақат ночор халқимиз зарарига ишлаяпти холос. Бунга энг ёрқин мисоллардан бири Uzbekistan GTL заводидир. Қурилиши нақд 4 млрд. долларга тушгани айтиладиган мазкур йирик завод бошида катта ваъдалар, баландпарвоз гаплар билан овоза қилинганди. Аммо у қуриб битказилгандан то шу пайтгача ҳатто ярим қувватда ҳам ишламади, ички авиаёқилғи эҳтиёжи қопланиб, четга экспорт қилинади, бензин ва нефт маҳсулотлари арзонлашади, деган ваъдалар қуруқ гаплигича қолиб кетди. Шахсан президент Мирзиёевнинг ўзи мазкур завод қурилишини катта воқеа сифатида халқимизга тақдим этганди. Бироқ орадан шунча йил ўтиб, завод ўзини оқлаш тугул тузукроқ ишламагани юзасидан ҳеч қандай текширув ҳам, тергов ҳам, оддийгина суриштирув ҳам ўтказилмади. Улкан маблағ сарфлаб қурилган ва халқимиз бўйнига билвосита молиявий юк бўлиб тушган бундай йирик завод нега бунчалар муваффақиятсизликка учрагани борасида одамларга “икки энлик” тушунтириш берилмади. Энди эса яна бир йирик келишув имзолангани эълон қилиняпти. Қизиғи, бу лойиҳа ҳам авиаёқилғи ва дизел ишлаб чиқариш билан боғлиқ. Хўш, бу ҳам навбатдаги имиж лойиҳами, кимларнидир бюджетни талон-торож қилиб, чўнтагини тўлдирадиган, худди Uzbekistan GTL сингари қиймати шишириладиган ва охир-оқибат “темир-терсак”ка айланадиган заводми?! Бу ўринда асосий масала шуки, халқ устида турган режим халқ манфаати йўлида сиёсат юритяптими ёки ҳукумат ва унга яқин бўлган тор доиралар манфаати учун шундай келишувларга имзо чекяптими?!…
Хабар (daryo.uz 17.04.2026й): Вашингтонда бўлиб ўтган Жаҳон банки гуруҳининг Баҳорги йиғилишлари доирасида Ўзбекистон 13 та давлат қаторида «Water Forward» глобал ташаббусига қўшилди.
Изоҳ: Бу ташаббус 2030 йилгача 1 миллиард аҳоли учун сув хавфсизлигини таъминлашни мақсад қилган. Ўзбекистон номидан иштирок этган бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон учун “миллий сув пакти” ишлаб чиқилганини ва унда 4,1 миллион гектар ерда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, сув йўқотишларини 25 фоизга камайтириш ҳамда сув бошқарувини рақамлаштириш каби вазифалар белгиланганини маълум қилди. Лойиҳада Жаҳон банкидан ташқари Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки каби йирик халқаро молия институтлари ҳам иштирок этмоқда. Маълумки, Жаҳон банки Американинг дунё бўйлаб ўз иқтисодий ҳукмронлигини ўрнатиш ва бошқа давлатларни қарз ботқоғига ботириш учун ишлатадиган молиявий қуролидир. “Water Forward” орқали Ўзбекистоннинг сув хўжалиги тизими тўлиқ халқаро молия институтларининг назорати ва “таҳлилий ресурслари” остига ўтади. Бу дегани, сув ресурсларимизни қандай ишлатиш, қаерга йўналтириш ва қайси технологияни сотиб олишни энди Вашингтондаги доиралар белгилаб беради. “Хусусий секторни жалб қилиш” деган банд сувни хусусийлаштиришга ва трансмиллий корпорацияларнинг бу соҳага кириб келишига йўл очади. Натижада, сув халқ учун табиий неъмат эмас, балки Ғарб корпорациялари фойда кўрадиган қимматбаҳо товарга айланади. Қолаверса, бу ташаббусга қўшилган давлатлар рўйхатига назар ташласак, уларнинг барчаси Ғарбнинг хомашё базасига айланган кучсиз давлатлар эканини кўрамиз. АҚШ бу орқали Марказий Осиёдаги сув ресурсларини “яшил иқтисодиёт” ва “ислоҳот” ниқоби остида ўзининг стратегик назоратига олишни кўзламоқда. Демак, ҳукумат айтаётган “рақамлаштириш” ва “модернизация” учун олинадиган миллиардлаб долларлик қарзлар келажакда халқ зиммасига навбатдаги оғир юк бўлиб тушади. Ўзбекистоннинг сув хавфсизлиги Ғарбнинг молиявий тузоқларига ишониш билан эмас, балки мустақил ва халқ манфаатига асосланган ички сиёсат билан таъминланиши керак эди. Аммо амалдаги режим халқнинг ризқи бўлган сувни ҳам Ғарбнинг сиёсий ва молиявий ўйинлари учун гаровга қўймоқда. Исломда сув умумий мулк ҳисобланади ва у ҳеч қачон хусусийлаштирилиши ёки халқаро корпорацияларнинг савдо предметига айлантирилиши мумкин эмас.
Хабар (islom.uz 18.04.2026й): 16-18 апрел кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар бошчилигидаги делегация Россия Федерациясида хизмат сафарида бўлди.
Изоҳ: Сафар давомида делегация, жумладан, Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Равил Гайнутдин билан мулоқот ўтказди. Р. Гайнутдин Ўзбекистондаги диний ислоҳотларни, айниқса, Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасини юксак баҳолаб, бу лойиҳаларни “мусулмон оламининг фахри” деб атади. Ушбу учрашув замирига назар ташланса, мусулмон умматининг бугунги дарди ва мазлумлар ноласидан асар ҳам йўқлигини кўриш мумкин. Ҳолбуки, кимга бўлса кўз-кўз қилинаётган, маддоҳлар ва “салла-чопон”лар оғзидан тушмаётган ҳашаматли марказлар ва “мега лойиҳалар” Исломни тирилтириш учун эмас, ўзбек режими имижини дунёга чиройли кўрсатиш учун қурилмоқда. Муфтийларнинг бир-бирига мақтовлар ёғдириши эса, уларнинг ўзлари хизмат қилаётган золим режимларга бўлган содиқлигини намойиш этишдан бошқа нарса эмас. Шунингдек, муфтий Холиқназаров бошлиқ делегация Россияда ўқиб ва ишлаб юрган ўзбекистонлик мусулмонлар билан ҳам учрашув ўтказди. Учрашувда қатнашганларга Ўзбекистонда “оламшумул ислоҳотлар” ўтказилаётгани, бугунги мураккаб даврда огоҳ бўлиш, фитна ва шубҳали ахборотларга алданмаслик, ҳалол меҳнат қилиб, яшаб турган жойининг қонун-қоидаларига риоя этиш кабилар эслатиб ўтилди. Бироқ шафқатсиз Путин режимининг муҳожир мусулмонларга нисбатан аёвсиз муносабати, жумладан, уларни Украина урушида “тўп гўшти”га айлантираётгани каби зулму зўравонликлари бир оғиз ҳам тилга олинмади. Аксинча, бу ердаги юртдошларимизга ана шу золим режим қонун-қоидаларига қатъий бўйсуниш, ўзбек ва рус режими белгилаб берган “ислом”дан ташқарига чиқмаслик ҳақида яна огоҳлантирилди. Бир сўз билан айтганда, бу сафардан мақсад президент “ислоҳотлар”ини кўкка кўтариб мақташ ва мусулмонларни ғайриисломий режимларга тобе ҳолда ушлашдан бошқа нарса эмас. Ҳолбуки, Исломда уламолар пайғамбарларнинг ворислари ҳисобланади. Уларнинг вазифаси мусулмонларнинг муаммоларига соф исломий ечим бериш ва золимларга қарши ҳақ сўзни айтишдир. Бироқ соқов шайтон мисол анави муфтийлар бундай омонатга хиёнат қилиб, мусулмонларни куфр тузумига тобе қилишда хизматкорлик қилишмоқда. Шунинг учун мусулмон халқимизни бундай “домлалар”нинг шубҳали фатволари ва “панд-насиҳат”ларига ниҳоятда ҳушёрлик билан қарашга яна бир бор чақириб қоламиз.
Хабар (uzdaily.uz 18.04.2026й): «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳамда Хитойнинг «CNPC XIBU Drilling Engineering Company Limited» компанияси ўртасида 2026-2028 йилларда Устюрт ҳудудида 30 та излов-қидирув қудуқларини бурғилаш бўйича шартнома имзоланди.
Изоҳ: Лойиҳа доирасида Устюртнинг аномал юқори босим ва ҳароратга эга бўлган қатламларида, 5500-6000 метр чуқурликда углеводород захираларини аниқлаш мақсад қилинган. Расмий доиралар ушбу ҳамкорликни геология-қидирув ишларини янги босқичга олиб чиқиш ва ресурс базасини мустаҳкамлашдаги муҳим қадам сифатида тақдим этмоқда. Аммо бу “ҳамкорлик” замиридаги ҳақиқатлар халқ учун анча аянчлироқдир. CNPC – Хитой миллий нефт корпорациясининг бир қисми бўлиб, жаҳондаги энг йирик давлат нефт гигантларидан биридир. У Марказий Осиёда ўнлаб йиллардан бери “Бир камар – бир йўл” лойиҳаси доирасида ресурсларни Хитой иқтисодиётига йўналтириш билан шуғулланиб келади. Ўзбекистон учун энг истиқболли майдон бўлган Устюртдаги захираларнинг хитойлик муҳандислар назоратига ўтиши шунчаки бурғилаш эмас, балки келгусидаги қазиб чиқариш, ташиш ва сотиш ҳуқуқларининг ҳам хориж қўлига ўтишининг дебочасидир. Ваҳоланки, Ўзбекистон нефт ва гази – халқнинг умумий мулки. Бу захиралар миллионлаб юртимиз аҳолисининг ҳаётий фаровонлигини таъминлаши керак. Бироқ ҳукумат “замонавий технология” ва “ҳамкорлик” ниқоби остида конларни чет эл компанияларига очиб бермоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда расмий қашшоқлик чегараси ойига 715 минг сўм (тахминан 55 доллар) қилиб белгиланган. Бу маблағ озиқ-овқат ва коммунал хизматларни умуман қопламайди. Халқнинг ҳақиқий даромадлари нархлар ўсишига бардош беролмайдиган даражада паст. Ҳукумат “инвестиция”, “манфаатли ҳамкорлик” деб мақталаётган бу шартномалар аслида мустамлакачи кучларга ўз иқтисодиётини арзон ресурслар билан таъминлаш ва геосиёсий таъсирини кучайтириш учун улкан имконият беради. Демак, амалдаги режим халқимиз манфаатларини эмас, балки Америка, Россия ва Хитой каби мустамлакачилар манфаатларини ҳимоя қилмоқда. Бунинг натижасида ресурслар четга оқиб кетмоқда, аҳоли эса қашшоқлик занжирида қолмоқда. Бу ҳолат ҳукумат татбиқ қилаётган яроқсиз капиталистик тузумнинг табиий ва аччиқ самарасидир. Чунки бу тузум Исломий асосларга эмас, балки мустамлакачилик қоидаларига қурилган. Исломда нефт, газ ва бошқа ер ости бойликлари Уммат мулки ҳисобланади ва омма-халқ манфаатлари учун сарфланади.
Хабар (qalampir.uz 20.04.2026й): Жорий йилнинг 17 апрель куни Ўзбекистонда «Солиқ ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган» янги қонун қабул қилинди.
Изоҳ: Ушбу ҳужжатга кўра, Жиноят кодексининг 184-моддасига жиддий ўзгартиришлар киритилиб, солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Эндиликда солиқларни кўп ёки жуда кўп миқдорда тўламаганлик учун нафақат йирик жарималар, балки 1 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин. Ушбу қонун 2026 йил июл ойидан тўлиқ кучга киради. Ҳозирда инфляция даражаси юқори, нарх-наво даромадга нисбатан ўта номутаносиб равишда ўсиб бормоқда, коммунал хизматлар ва асосий эҳтиёж товарлари кундан-кунга қимматламоқда. Бундай оғир шароитда халқнинг косаси оқаришига ёрдам бериш ўрнига, давлат унинг пешона тери билан топган охирги тийинини ҳам солиқ кўринишида тортиб олишга ёпишмоқда. Ҳукуматнинг бу каби ҳаракатлари капиталистик бошқарувнинг ҳақиқий башарасини очиб беради. Улар халқ бойликларини, гази ва олтинини хорижий корпорацияларга арзонга сотиб юбориб, бюджетдаги камомадни оддий халқ чўнтаги ҳисобига тўлдирмоқчи бўлишяпти. Солиқ тизими шундай қурилганки, у бойларни янада бойитишга, камбағалларни эса буткул қашшоқлаштиришга хизмат қилади. Қамоқ билан қўрқитиш орқали одамларни давлатнинг “солиқ қули”га айлантириш – бу иқтисодий ислоҳот эмас, балки халққа қарши эълон қилинган иқтисодий урушдир. Халқ ўз даромадини яширишга мажбур бўляптими, демак, тузумнинг ўзи чириган ва адолатсиздир. Исломда эса бугунги кундаги каби ношаръий солиқлар ёки тадбиркорнинг бўғзидан бўғадиган бошқа турдаги золимона солиқларнинг бирортаси мавжуд эмас. Чунки бу низомда давлатнинг бюджетни тўлдириш баҳонасида одамлардан зулм ва қамоқ таҳдиди билан солиқ ундириши асло жоиз эмас. Бу қатъиян ҳаром қилинган ишдир. Шундай экан, мусулмон халқимиз англаб етиши керакки, бу каби қамоқ ва жазо билан қўрқитишлар фақатгина Исломдан узоқ бўлган, капиталистик манфаатларга қурилган тузумнинг чириган мевасидир. Шундай экан, Ислом шариатини ҳаётга қайтариш, яъни Рошид Халифалик давлатини барпо этиш зарурдир.
Хабар (gazeta.uz 22.04.2026й): Украинанинг «Хочу жить!» лойиҳаси берган сўнгги маълумотларга кўра, Россия армияси сафида урушаётган Марказий Осиёликлар ичида Ўзбекистон фуқаролари етакчилик қилмоқда.
Изоҳ: Аниқланган маълумотларга кўра, 4853 нафар ўзбекистонлик Россия томонидан Украинадаги қонли урушга жўнатилган. Бундан аввал ҳам Украинанинг “Хочу жить!” лойиҳаси 1100 дан ортиқ ўзбекистонлик рўйхатини эълон қилганди. Расмий Тошкент бу маълумотларни текшираётганини айтган бўлса-да, бироқ ҳали-ҳануз аниқ бир натижа йўқ. Албатта, ўзбек режимидан бундан ортиғини кутиш худди қордан иссиқлик кутишга ўхшайди. Чунки бу халқдаги норозилик кайфиятини бироз юмшатиш мақсадида қилинган сиёсий манёвр холос. Мана, ўтган йиғилишлардан бирида Мирзиёевнинг ўзи ҳамма айбни элчихона ва унинг ходимларига юклаб, мазкур муаммони ўзидан сал нари қилгандек бўлди. Аммо мана бундай расмиятчилик ва халқ кўзини бўяшга қаратилган сўз ўйинлари билан ўзбек режими ва айниқса президент Мирзиёев фуқаролар олдидаги масъулият ва жавобгарлигимни бўйнимдан соқит қилдим, дея хомтама бўлмасин. Шунингдек, Мирзиёев бошлиқ ҳукумат Россиядек давлатга биз қандай қилиб кескин оҳангда гапира оламиз, қандай қилиб ундан бирор нарсани талаб қила оламиз, бизнинг қўлимиз боғлиқ, дея ўзини оқлашга ҳам уринмасин. Чунки давлат ожизми ё кучлими, фарқи йўқ, ўз фуқаросига ғамхўрлик қилиши ва ҳимоясини таъминлаши унинг бўйнидаги бурчидир! Бу йўлда у бор имкониятини сарфлаши вожибдир! Мана шундан кейингина ҳукумат “мана, қўлимдан келганини қилдим” дейишга ҳаққи бўлади. Бироқ очиқ кўриниб турган ҳақиқат шуки, ўзбек режимининг шундоқ кўз ўнгида кофир ўрис ўзбекистонлик мусулмонларни юзсизлик ва кибр билан “тўп гўшти”га айлантирмоқда. Мазлум юртдошларимиз устидан жавобгар бўлган бу режим эса, ҳар турли баҳоналар билан, уларни ҳимоясиз ташлаб қўймоқда. Бу нафақат ўз фуқароси муаммосига кўз юмиш, балки зўравон Путин режими жиноятларига шерик бўлиш ҳамдир. Чунки ўзбек режими ўзининг тор сиёсий манфаатлари йўлида минглаган мусулмонларни бегона урушда қурбон қилинишига йўл қўйиб беряпти. Халқимизга айтамизки, устингизга ўтириб олган бу режимдан қаттиқ ҳисоб сўраб, ўз ҳаққингизни кескин талаб қилмас экансиз, унинг бир ҳовуч амалдорлар манфаати устига қурилган абгор сиёсати ўзгаришсиз қолаверади.
Хабар (daryo.uz 23.04.2026й): Маданият вазири Озодбек Назарбеков сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларни эгаллаб олган бачкана ва савиясиз қўшиқ ҳамда клиплар ҳақида ўз фикрини билдирди.
Изоҳ: Вазир мазкур саволга, жумладан, шундай жавоб берди: “Биз демократик жамият қурмоқчи эканмиз. Эркинликни талаб қиладиган жамият мана шу нарсаларга ўзи тайёрми, деган савол чиқади. Эркинлик десангиз, бошқа томонларига ҳам тоқат қилишингиз керак”. Бир тарафдан, вазир тўғри гапни айтди. Ҳақиқатдан ҳам яланғочлик, бузуқлик, ҳаёсизлик, бачканалик, фикрий саёзлик – буларнинг барчаси ана шу демократик эркинлик оқибатидир. Аммо исломий юрт бўлмиш ўзбек жамиятидаги бугунги ҳолат капиталистик демократиянинг эркинлик қадрияти ҳали тўлиқ юзага чиқмаган кўринишидир. Агар у тўлиқ татбиқ қилинса, бугун биз кўриб турган бу иллатлар “хамир учидан патир” бўлиб қолади. Энди бошқа тарафдан, вазир жамият эркинликни талаб қиляпти, деган сўзлари асло тўғри эмас. Тўғриси шуки, демократик дунёқараш ва бузуқ ғарбча яшаш тарзи ўзбек режими тарафидан мусулмон халқимизга зўрлик билан тиқиштириляпти. Анави эркинлик деган нарса ортида эса, моҳиятига кўра, инсонни инсонийликдан йироқлаштириб, уни ўз нафсининг қулига айлантирадиган жамият қуриш назарда тутилади. Хўш, юртимиз мусулмонларига шу керакми? Албатта, йўқ. Бундай тубан жамиятда яшаш асло уларнинг онгли танлови эмас. Бу халқимизни турли нопок йўллар билан чалғитиш, унга етти ёт бегона бўлган маданият ва дунёқарашларни қасддан сингдириш оқибатидир. Аслида, дунёдаги барча одамлар сингари юртимиз аҳолиси ҳам ҳақ ва адолатга асосланган жамиятда яшашни хоҳлайди. Уларнинг бундай талабига эса, фақат ва фақат Ислом низоми тўлиқ жавоб бера олади. Агар мусулмонларга қарши фикрий-сақофий ҳужумлар, уларни чалғитиш учун мунтазам тарқатилаётган фитналар, ҳийла-найранглар бўлмаганда эди, улар жуда тез фурсатда ўз Исломига қайтиб, Халифалик давлатини барпо қилишга интилган бўлардилар. Шунинг учун мусулмон халқимиз Исломга бутунлай зид бўлган бу демократияни инкор этиб, юксак инсоний фазилатларни юзага чиқарувчи, Умматни азиз ва мукаррам қилувчи ҳамда ҳар соҳада тараққиётнинг энг олий намунасини кўрсатувчи Ислом низомини татбиқ бўлиши учун бор имкониятини сарфламоғи вожибдир!
Форуқ
25.04.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми