Армонли хотира
“Зиндон хотиралари” туркумидан
Армонли хотира
(Ушбу воқеани ҳикоя қилиб берган биродарим Салоҳиддинов Самариддин. Зарафшон зонасида шаҳид бўлган)
بسم الله الرحمن الرحيم
Роббим Аллоҳ дегани ва бугунги кунда тубанлик жарлигига шиддат билан қулаётган олам аҳлининг нажоти Исломда, дегани учун қарийб йигирма беш йилдан буён Ўзбекистон қамоқларида қолиб кетаётган азизлар ҳақидаги оғир хотираларнинг навбатдагисини ҳикоя қилишдан аввал ўқувчимиздан бирров узр сўраймиз. Чунки бу ҳикоялар иймон аҳлининг юзларидан табассумни нари қилиб, ҳукуматнинг тиконли симлар ортидаги зулмларидан дилларини хиралаб қўяди. Шундай экан, дини учун қамалган зиндон аҳли – ўша азизларимизга на раҳбарнинг ўзгариши ва на янги-янги қонунларнинг пайдо бўлиши озодлик шабадасини эсдирмагани боис, улар ҳақидаги хотиралар “дастурхони”ни йиғиштиролмаймиз.
Азиз ўқувчимиз! Бу ҳикояни сўзлаган укамиз ҳаққига дуо қилиб қўясизлар, Аллоҳ охиратини обод қилсин!
Зона карантинидаги ломка (қийноқ) сизни синдиролмаса, яъни зонадаги умумий тартибга мослай олмаса, оммага қўшмасдан изоляторда ойлар давомида ёлғиз камерада ушлаб туради. Ушбу режалари ҳам натижа беравермагач, ўша зонада яшаётган айрим “қайтган” биродарлар билан суҳбат уюштиради. Улар етарлича “маҳорат”ли. Бундайлар учун зона кутубхонасида алоҳида қулайлик яратилган. Сизни изолятордан олиб чиқиб, ўшаларнинг “байтул-фитна”си бўлмиш кутубхонадаги шинам, иссиққина хоналарига олиб келишади. Улар эса сизни табассум билан қаршилаб, дарҳол чой дамлаб, олдингизга у-бу нарса қўйишади. Ювилмаганидан қотиб “синаёзган” кийимларингизни ювиб, йиртилган жойларини тикиб олишга, чўмилиб олишингизга, хуллас кўнглингизни хиралаб турган эҳтиёжларингизни битириб олишингизга шароит қилиб, кейин асл мақсадга ўтади. Мен билан “чойлашган” йигит ўртасида шундай суҳбат бўлганди:
– Зонада шароитни яхши ёки машаққатли қилиш ўз қўлингизда, — дея гап бошлади у.
Бу йигит ҳақида қаршиликлардан кўп яхши гаплар эшитгандим. Исмини билибоқ танидим. Бу ўша Ҳизбнинг собиқ фаолларидан бири эди. Мен зонама зона юравериб, бу каби собиқларнинг мақсадларини билганим учун суҳбат йўналишини ўзгартирдим.
– Манави яхшиликларни Аллоҳ учун қилдингиз, деб умид қиламан ва жавобни ҳам Унинг ўзидан кутасиз, бунга ишонаман деб, ювилган, йиртиқлари тикилган кийимларга ишора қилдим. У эса дарҳол:
– Ҳа, албатта акажон, Аллоҳ учун, — деб жавоб қайтаргач, мен:
– Энди мақсадга кўчсак, демак, менинг тилим қисилмабди, чунки бу ҳожатларимни Аллоҳ учун қилибсиз. Менга айтингчи, зонадаги барча биродарларга хоҳлаган пайтингизда шунақа марҳамат қила оласизми, — дедим.
– Одамига қарааааб…, — деди у.
Мен унинг бу сўзидан кўп нарсани англадим ва суҳбатнинг муқаддималарига якун ясаб, гапнинг пўст калласини айтдим:
– Тушунарли. Мендан нима истайсиз?
– Ҳизб бизни лақиллатганини тушунишингизни ва тўғри йўлга ўтишингизни истардим.
– Мен шундай лақиллаб юришни манави золимлар ажратган иссиққина шароитда уларга малайлик қилишдан афзал, деб биламан. Хўш, энди менга қилган илтифотингиз нархини айтинг, қанча қарз бўлдим?
Кутилмаганда унинг кўзлари атрофдаги СППлар (зона ходимларига хизмат қилувчи сотқин маҳкумлар)га бурилди ва улардан хотиржам бўлди шекилли, бироз овозини пастлатиб:
– Ака, ҳаққимга дуо қилинг, мен заифлик қилдим, мен ҳам ўзлигимга қайтиб олай, Аллоҳ мени бу ҳолимда ўлиб, Ўзига шарманда бўлган ҳолимда рўбарў қилмасин, — деб мени ҳайрон қолдирди.
Бу биродарнинг самимийлиги унга бўлган муносабатимни ўзгартирди. Бир ярим соатлик ич-ичимдан қайнаб чиққан даъватдан ўзим ҳам бошқача қувват олдим, ҳаловат топдим. Гўё менинг тилларимни бу равон суҳбатга йўлловчи ўзим эмаслигимни ҳис қилдим. Иккимизнинг қизғин суҳбатимиз “зийрак” СППнинг эътиборига тушди. У ёрдамчисини кимгадир юборди. Шундан кейин суҳбатимизни изолятор югурдаги бузди. Мени олиб кетаётиб анави биродарга “лохмач”лар нигоҳи билан синчиклаб қараб қолди-да, унинг нигоҳидан ниманидир кашф қилгандек:
– Ишқилиб нормальнийми? — деди. Биродарим унга ёниб турган нигоҳини қадаб: Худога шукр, энди ҳамиша нормальний, инша Аллоҳ, деб менга табассум қилди.
– Мен у йигит билан бошқа кўришолмадим, деб ҳикоясини давом этди. Бир муддат вақт ўтиб, мени бу зонадан яна бошқасига этап қилишди. Буниси эса мени синов чиғириқларисиз қабул қилди. Ажабки, зонадаги биродарлар барчаси мендан “қайсарроқ” ва мендан кўра илмлироқ экан. Анча камчиликларимни улардан ўрганиб қувондим. Орадан бир йилча ўтиб, биродарларимизнинг биридан ғалати хабар эшитдим. Унинг айтишича, анави мени қабул қилмаган зонадаги кутубхонада ментларга ишлайдиган ўша фитначи ўлибди. У, мен сизга ҳикоя қилиб берган йигит ҳақида айтаётганди. Уни таниган биродарлар “эссиз, қайтмаганида шаҳид бўларди” дейишди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло дейди:
قُلْ إِنَّ الْمَوْتَ الَّذِي تَفِرُّونَ مِنْهُ فَإِنَّهُ مُلَاقِيكُمْ ۖ ثُمَّ تُرَدُّونَ إِلَىٰ عَالِمِ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ فَيُنَبِّئُكُم بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ
– “Айтинг: “Сизлар қочаётган бу ўлим албатта сизларга йўлиққувчидир. Сўнгра сизлар ғайбу шаҳодатни (яъни барча яширин ва ошкора нарса-амалларни) билгувчи (Аллоҳ)га қайтарилурсизлар. Бас, У зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур!” (Жумъа:8)
Мен уларга, сизга айтиб ўтган юқоридаги хотирани айтганимдан кейин барчалари шаҳид кетган ўша азиз биродаримизга ҳавас қилиб, дуога қўл очдилар. Мен эса, ўша биродаримга ваъда қилган ДУОдан қарзимни узгандай бўлдим ва шукрига икки ракаат намоз ўқидим.
(Кошки бу ҳикоямни ўша биродарим оиласига етказолганимда эди, дея ҳануз умидларим бир парчаси – армонли хотиралардан)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Зайниддин
09.08.2023й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми