Эшикларни жапларинг

“Зиндон хотиралари” туркумидан
Эшикларни жапларинг
بسم الله الرحمن الرحيم
Зона – чорак асрдан бери мазлум биродарларимиз учун “кошона”га айланиб келаётган зулм уммонидир!
(Ушбуда ҳикоя қилинадиган воқеа зиндонларда елкадош бўлиб, озодликка чиқмасдан шаҳид кетган азизларим хотирасига бағишланади)
2004 йил. Золим Каримовнинг аламлари ҳали босилмаган давр. Эндигина содда халқ ишончини “барака топгурлар”, “бағримга босай” каби тўпори сўзлар билан қозониб, енгил илдиз отган бу золимнинг элга сир тутган уятли жирканч хиёнатлари Ҳизб варақаларидан фош бўлгач, у гўё қутурган итдек халқни таъқиб қилиб, қамаб, қатл қилиб ҳам ҳеч алами босилмади. Ҳатто озодликда юрган мусулмонларнинг ҳам дўпписи-ю тасбеҳи, ҳижоби-ю соқоли золимнинг ғазабидан четда қолмади.
Зоналарга раҳбар этиб – золим шоҳнинг талабини сўзсиз ижро қилиши учун – қайсидир жинояти билан “қармоққа илинган” орган ходимларидан қўйилди. Ва уларга биродарларни қатл этиш ижроси юкланди. Улар учун қамалиш ёки биродарларни қийноқларга солувчи жаллодга айланиш танлови эди бу.
Зона бошлиғи алмашди. Демак, янги азоблар, қатллар, синдиришлар янгитдан бошланади. Бу сафар зонага янги бошлиқ келган куниёқ ўзини танитиб улгурди. У қисқача қилиб:
– Бугундан зонада режимга қатъий амал қиласанлар, бўлмаса ўлиб кетасанлар, буни мен айтяпман, тушунарлими? – деб, йиғилган барча маҳкумларга ўшқирди.
Демак, яна кимлардир бугуннинг Абу Лаҳаби ва яна кимлардир бугуннинг Билолу Амморлари бўлиб танилади. Бомдод намози соат бешларга тўғри келгани боис уни адо қилиш режимни бузиш саналади. Шуни баҳона қилишни режалаган ходимлар тонг саҳардан ишга киришди. Эрталабданоқ изолятор таҳорат олиб, намоз ўқиб “режимни бузган” биродарлар билан тўлди. Эрталабки изғирин баданни тешгудай эди. Юпқа кийимда саҳарлаб “қўлга тушганлар” пахтали кийимини олишга ҳам улгурмади. Олганларидан ҳам изоляторда ички бельёсигача ечиб олди. Қасддан эшикларни очиқ қолдириб, камералар ёзлик панжаралар билангина ёпилди. Иситгич трубалар ўчирилган, камера полига кўллатиб хлорли сув шалаббо қилиб сепилган. Камера ойналари олиб ташланган. Демак, бугунга кечасиданоқ тайёргарлик кўришган.
Изоляторда икки сменанинг мелисалари, ҳарбий назоратчилари йиғилган. Ҳар камерада беш-олтитадан биродарлар. Ломка бошланди. Битта камера биродарларини олиб чиқиб, усти очиқ прогулка камерасида чарчагунча уришиб, кейин устларимиздан бир пақирдан совуқ сув қуйишиб, камерага олиб келиб ташладилар. Тиш-тишга такиллаб урилмоқда, юриб исинишга ҳам беаёв калтак зарби туфайли имкон йўқ. Баданлар оғир зарбалардан зебра чизиқларини эслатувчи шаклга кирган. Шу ҳолатни барча камераларда амалга оширдилар. Бақириқ, ингроқ овозлари ва тарсиллаб урилаётган дубинка овозлари анча вақтгача тинмади. Хўл кийимларимиз ойнасиз панжаралардан ўқдек кириб келувчи шамолдан икки баробар совуқни баданга санчарди. Ломканинг қай даражада ўтганини кўриш учун кирган золим бошлиқ: “Камера эшиклари ёпилмасин, иситгичлар ёқилмасин”, деб бақирди. Калтаклар зарбидан қизиган баданларимиз бироздан кейин совуқдан яна қалтирай бошлади. Смена алмашгач, барча камералардан “батарейкани ёқ”, “эшикни ёп”, “ойналарни беркит” деган бақириқлар чиқа бошлади. Смена бошлиғи қулоқ солмай, изолятор шовқинидан ташқарига чиқиб қутулди. Ҳамма ўз билганича ҳаракат қилиб исинишга уринарди. Имкон ноль. Атайлаб ташлаб қўйилгандик. Чидолмаганлар бор овози билан бақирар, аммо ҳеч ким жавоб бермасди…
Бу “қиёмат”га заррача эътиборсиз, кўзларини юмиб, гўё йогалар қилиғини такрорлаётгандек ўтириб олган ва бирор марта бақириқларга жўр бўлмаган маҳбуб укам бирдан бошини кўтариб:
– Ауъзу биллаҳи минашшайтонир рожим, Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, дея шундай ширин ва ёқимли овозда “Ар-Роҳман” сурасини ўқий бошлади. Эшиклар очиқ бўлгани учун ўта гўзал қироат изолятордаги шовқинга якун ясади. Укам ҳар оятни бир-бир тиловат қилиб, беш оят ўқигач, чуқур нафас олди-да, биринчи оятдан то олтинчисигача бир нафасда шундай қироат қилдики, этларим жимирлаб, кўзларимдан ёшлар сел бўлиб оқа бошлади. Ўша онда вужудим совуқдан эмас, оятлар жилвасидан титраб кетди. Субҳаналлоҳ! Муболағасиз айтиш одатим билан таърифласам, шу онда кимдир келиб “сен озодсан” деса, ўша дегувчи мени бўстондан саҳрога ҳайдагандек бўларди.
Укам қироатни якунлаб, барчамизни яна ҳайратга солиб, машҳур дуоларни кетма-кет қилганида, биз қўшни камерадагиларнинг ҳам “амин”ини эшитдик. Гўзал қироат таъсиридан эгилган бошимизни кўтарганимизда, панжара эшиги ортида ДПНК бошлиғи ёрдамчи ҳарбийлари билан турарди. Қачон келган, билмадим. Ҳамма жим. Бошлиқнинг:
– Мулла жўра, исминг не? – деган мулойим савол берганидан билдимки, тиловатни у ҳам анчадан бери тинглаган эди. Укамиз исмини айтгач, смена бошлиғи енгил табассум қилди-да:
– Внукимға исм топилди ўхшай, деди-да, ходимларга қараб қатъий оҳангда:
– Эшикларни жапқила, иситгичларнида жақ, айналарнида жапқила, – дея қатъий буюрди.
Маҳбуб укамнинг ўша гўзал тиловатининг таъсири Аллоҳ Субҳанаҳунинг ушбу қавлининг тасдиғи эканлигида асло шак йўқ:
أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوب
– “Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур”. (Раъд:28)
(Вужудимни титратган қироатни эслаганим – ўша хотиралардан)
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги матбуот бўлими аъзоси Зайниддин
10.11.2022й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ