Британиянинг Марказий Осиёдаги геосиёсий ҳаракати
Британиянинг Марказий Осиёдаги геосиёсий ҳаракати
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ўтган юз йиллик аввалига қадар Ислом Уммати илм-фан, маданият, одоб-ахлоқда бутун инсониятга намуна бўлиб келган эди. Дамашқ, Қоҳира, Бағдод, Самарқанд ва Андалусияларда ёзилган китоблар, иншо этилган масжид ва мадрасалар, юритилган қозилик ишлари — буларнинг барчаси адолат, илм-фан ва ахлоқнинг юксак намунасини намоён этганди. Бугун эса… Бугун бу улкан мерос фақат китоблар саҳифаларида қолмоқда холос! Аммо амалий ҳаётда аввалги шукуҳдан асар ҳам йўқ. На сиёсатда, на иқтисодда ва на илмда, ҳатто ахлоқда ҳам етакчи эмасмиз. Зулмлардан бош кўтаролмай қолдик. Қайси мамлакатни олманг, мусулмонлар ё камбағал, ё муҳожир, ё уруш оловида ёнаётган ва ёки таҳдид остида. Бир сўз билан айтганда, биз мусулмонлар бугун одам ўрнида кўрилмаяпмиз.
Бунинг сабаби нимада?
Сабаби, биз Исломни ҳаётимиздан чиқариб ташладик. Энди у фақат ибодат доирасида қолди. Низом, ҳаётий дастур сифатида эса у орқага сурилди. Буни биз ўзимизгина қилмадик, бу жараён ташқаридан, маккор мустамлакачилар томонидан режалаштирилган, мақсадли сиёсий аралашув натижасида содир бўлди. Хўш, ташқи аралашувчи ким эди? Ҳақиқат шуки, Ислом Умматининг тарихий душмани бу – Британия. Бу давлатнинг разведкаси, дипломатияси ва сиёсий маккорлиги Халифаликни парчалади, кейин эса минтақани ўзининг мустамлакасига айлантирди. Бу тарихий фожиа 1924 йил 3 мартда Усмоний Султонлик қулаши билан содир бўлди – Исломий бошқарув расман тугатилди.
Шундан сўнг Уммат ўзининг сиёсий раҳбаридан, муҳофизидан, тартиб ва низомидан айрилди.
Тўғри, минтақамиз – Туркистонни Британия эмас, Чор Россияси истило қилди. Бироқ агар Халифалик – Турк Султонлиги ағдарилмаганида, бу ерлар узоқ вақт кофир мустамлакачи ўриснинг қўл остида қолмасди. Чунки Халифалик Умматнинг сиёсий қалқони ва раҳбарлик тамойили эди. Унинг қулаши билан мусулмонлар сиёсий ҳимоядан, адолатли бошқарувдан ва ҳақиқий мустақилликдан маҳрум бўлди.
Шу сабабдан бугунга келиб, бизнинг табиий бойликларимиз кўп бўлишига қарамасдан, қашшоқ турмуш даражасига тушиб қолганимиз ва юртларимизнинг глобал босимлар остидан чиқолмаётганининг асл илдизи – айнан шу Халифаликнинг йўқлигида. Буларнинг барчаси мустамлакачилик сиёсати оқибати. Ва унинг бош ғоявий ва амалий “меъмори”, юқорида айтганимиздек, маккор Британиядир. Шунинг учун ҳам Уммат фарзандлари бу давлатни яқиндан таниб олмоқлари ўта муҳимдир!
Таъкидлаш лозимки, ташқи сиёсати доимо мустамлакачиликка асосланган давлат фақат Британия эмас, балки АҚШ, Россия, Хитой ва Франциялар ҳам айнан шундай тамойилга асосланиб сиёсат юритадиган мамлакатлардир. Фарқи услубда, мазмун эса бир хил: хўжайин бўлиш, ресурслар ва сиёсий таъсир учун кураш.
Британия ҳақида гап кетганда, у бугун яна Марказий Осиёда ўз таъсирини кучайтиришга киришгани сезилмоқда. Бу гал у янгича, тизимли ва мўътадил кўринишда ҳаракат қилмоқда. TRT Global сайтининг (trt.global) хабар беришича, 2023 йил охирида Британия парламенти Қўшма палатаси Ташқи ишлар қўмитаси томонидан “Бурилиш нуқтасида турган давлатлар: Буюк Британиянинг Марказий Осиёда иштироки” деб номланган 8 бобдан иборат ҳисобот эълон қилинди. Ҳужжатда Лондон Марказий Осиёни диққат марказида ушлаши, минтақавий ҳамкорлик, савдо, инсон ҳуқуқлари ва маданий алмашинув масалаларида ўзини янада фаол намоён қилиши кераклиги таъкидланади.
Ҳисоботда Британиянинг Марказий Осиёдаги иштироки нафақат фойдали, балки геосиёсий зарурат сифатида ҳам баҳоланмоғи кераклиги алоҳида уқтирилади. Ҳужжат муаллифлари ҳар бир давлатнинг ўзига хос хусусиятларини қайд этар экан, Москва ва Пекин таъсири ошиб бораётганига эътибор қаратадилар ва бу таъсирга қарши дипломатик воситалар орқали чора кўриш лозимлигини таъкидлашади. Шунингдек, аввалги сиёсатлар кутилган натижани бермагани, Британияга содиқ элита шаклланмагани, аксинча, ҳукмрон тузумларда автократия ва коррупцияни мустаҳкамлашга хизмат қилгани қайд этилган. Ҳисоботда Британиянинг ўзи айрим сиёсий элита вакиллари учун молиявий “паноҳгоҳ” ва капитал чиқариш марказига айлангани ҳам тилга олинади.
Шунингдек, 2023 йили Форин-офис раҳбари сифатида Дэвид Кэмерон Марказий Осиёга сафари билан ташриф буюрди. У минтақани “дунёдаги энг муҳим геосиёсий ҳудудлардан бири” сифатида таърифлаб, шундай деди: “Бу давлатлар Россия ва Хитой билан қўшни. Улар ким билан ҳамкорлик қилишини танлаш остонасида турибди. Британия эса бу рақобатда фаол иштирок этиши лозим”.
Британия томонидан кўрилаётган бу янгиланган ёндашув доирасида Марказий Осиё бўйича Британия парламентида алоҳида партиялараро парламент гуруҳи – All-Party Parliamentary Group (APPG) ташкил этилди. Бу гуруҳга Лейбористлар партияси вакили Памела Кокс раҳбарлик қилмоқда. Унинг таркибига мамлакатнинг 20 нафар етакчи парламентарийлари, жумладан, Бош вазирнинг Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон билан савдо бўйича махсус вакили лорд Жон Олдердайс ҳамда Ташқи ишлар қўмитаси раиси Эмили Торнберри ҳам киради. Айрим мутахассислар бу жараённи аллақачон “Янги Катта Ўйин” деб аташмоқда. Бу атама XIX асрда Британия ва Россия ўртасида Жанубий ва Марказий Осиёдаги таъсир учун кечган рақобатни ифодалаш учун пайдо бўлган эди.
Бундан ташқари, сўнгги вақтларда Британиянинг Марказий Осиё мамлакатларидаги элчихоналари қошида Халқаро тараққиёт вазирлигининг офислари очилди. Лондон айнан шу орқали ушбу мамлакатларда фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шу билан бирга, Британия Кенгаши орқали мамлакат “юмшоқ куч” сиёсатини амалга оширмоқда, жумладан, Creative Central Asia ва Creative Spark каби дастурларга молия ажратиб келмоқда. Ушбу дастурлар доирасида 60 дан ортиқ университет ҳамкор сифатида қатнашмоқда, қатнашчилар сони эса 65 минг нафардан ошган. Бундан ташқари, Chevening стипендия дастури ҳам фаолият юритмоқда. Унга кўра, Марказий Осиё давлатларидан келган ёш сиёсатчилар Британияда таҳсил олиб, кейин ўз юртларида етакчи ва муҳим лавозимларни эгаллашмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мустамлакачилик амбициясидан ҳали ҳам воз кечмаган Британия, Россия-Украина уруши фонида геосиёсий кураш майдонига айланган Марказий Осиёда ўз улушига эга бўлиш учун жиддий ҳаракат бошлагани аён бўлмоқда. Бу ҳаракатнинг биз мусулмонлар учун яхшиликдан дарак бермаслиги аниқ. Чунки Британия мусулмонлар тафаккурини бузиш, зеҳнларини заҳарлаш борасида бошқа кофир давлатлардан ҳам кўпроқ тажрибага эга бўлган ҳийлакор давлатдир.
Унинг расмийларини мулойим сўзлари, дипломатик табассумлари ва “маданий алмашинув” каби безакли иборалари ортида аслида қуйидагича ғаразли маънолар яширинган: “Биз сизларнинг Ислом асосида уйғонишингизга йўл қўймаймиз. Сизлар ҳар доим бизга бўйсунган ҳолда яшашингиз шарт. Табиий бойликларингизни эса ўз келажагимиз учун сўриб оламиз. Агар керак бўлса, ўз тараққиётимиз йўлида сизларнинг жонларингизни ҳам қурбон қилишдан тоймаймиз”. Айни шу Британия мусулмонларнинг шон-шарафи ва ягона сиёсий вужуди бўлган Халифаликни ағдарган давлатдир. Шу сабабдан, бугун унинг ҳар қандай қадамига, ҳаракатига нисбатан эҳтиёткор-огоҳ бўлиш эмас, балки тўлиқ рад этиш, қарши туриш зарур. Чунки бу кофир давлат мусулмонларга ҳеч қандай яхшилик олиб келмайди. Расулуллоҳ ﷺ айтганлар:
«المؤمن لا يُلدَغُ من جُحرٍ واحدٍ مرتين»
“Мўмин киши бир тешикдан икки марта чақтирмайди”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон Матбуот бўлими аъзоси Салоҳиддин
28.07.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми