Ўзбекистонда давлат байроғини муқаддаслаштириш ҳаракатлари ва бунга шаръий нуқтаи назар
Ўзбекистонда давлат байроғини муқаддаслаштириш ҳаракатлари ва бунга шаръий нуқтаи назар
بسم الله الرحمن الرحيم
«Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида» ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.
Давлат байроғидан эндиликда оилавий байрамлар, яшаш ёки иш жойларида, транспорт воситалари салонида фойдаланиш мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги оқарган ҳолда ёпинғич сифатида, стол, ўриндиқ, стулларга тўшашга ёки тасвирлашга рухсат берилмайди, қоплама сифатида фойдаланиш тақиқланади. Оёқ остига тўшаш ёки тасвирлаш, кийим-кечак, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида фойдаланиш, бир марта ишлатиладиган ва ташлаб юбориш учун мўлжалланган буюмларга босиб чиқаришга йўл қўйилмаслик ҳам таъқиқлар қаторидан ўрин олган.
Ислом диёрлари қатори Ўзбекистонда ҳам Исломий уйғониш белгилари яққол кўзга ташланиб, бошқа томондан мустамлакачи давлатларнинг минтақа устидаги ўзаро курашлари тобора кескинлашар экан, ҳукумат халқ бирдамлиги нақадар долзарб эканлигини янада чуқур ҳис қилмоқда ва шу мақсадда давлат рамзлари қабул қилинган кунларни байрам тадбирларига айлантириб, уларни муқаддаслаштиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Чунки бу нарсалар – расмий сиёсий доиралар қараши бўйича – ёшлар онгида миллий ғояларга садоқатни шакллантиришда энг таъсирчан воситалардан бўлиб хизмат қилади. Қонунга киритилган ўзгартишлар ортидан эндиликда Ўзбекистон байроғи уйларда, иш жойларида, транспорт воситалари салонларида акс этган лавҳаларни кино, сериал, қўшиқ клиплари ва блогерлар чиқишларида учратиш мумкин бўлади. Шавкат Мирзиёевга зарур сиёсий очколарни қўлга киритишида муҳим имкониятларни пайдо қилиб бериши билан танилган Миллий тикланиш демократик партияси давлат байроғи масаласида ҳам ўзгача таклиф билан чиқди. Миллатчи партия депутати Жаҳонгир Зияев 18 ноябрни дам олинадиган байрамлар қаторига қўшишни таклиф қилди. Депутатга кўра, давлатлар чегараси, хавфсизлиги, мустақиллигига бўлган хатарлар кучаяётган бир пайтда, бу кунни байрам қилиш муҳим ҳисобланади. (Иқтибос тугади)
Демократиянинг сохталиги тобора ошкор бўлиб, бу тузум яловбардори бўлмиш Америка бошлиқ Ғарб ҳамда Россия ва Хитой каби давлатларнинг мустамлакачилик таъмалари хатарли тус олаётган бир пайтда, Ўзбекистон тарафи – чўкаётган одам чўпга осилгани каби – миллий мафкура ва давлат рамзлари аҳамиятига тарғиб ишларини кучайтираётгани абсурд сиёсатдир. Боиси, бугунги миллий мафкура ва унинг таркибий қисмлари-рамзларидан саналган давлат байроғи халқимиз эътиқоди ва динимиз анъаналарини ўзида мужассам этмаган.
Аксинча, ҳеч қандай тарихий асосга эга бўлмаган Ўзбекистон байроғи ҳам – худди демократия сингари – инсонлар томонидан воқедан олинган ҳолда ижод қилинган бўлиб, унда битта ой ва вилоятларни акс эттирувчи ўн икки юлдузча ўрин олган. Агар Навоий сингари бирор янги вилоят ташкил этилса ёки махфий тарзда тузилаётган қарз битимларига асосланиб Хитой бирор вилоятимизни ўз ҳудудига қўшиб олса, бу юлдузчаларнинг сони ҳам баҳсли масалага айланиши табиий. Умуман олганда, мамлакат миллий мафкура ва байроғи халқни ягона мақсад атрофида бирлаштиролмаслиги Россиянинг Қримга уюштирган босқини асносида яққол кўзга ташланди. Агар миллий байроқ аҳолини бирлаштирувчи кучли омил бўлганида, бутун украин халқи тинч-осуда ҳаётни танлаб, Қримни босқинчиларга ҳеч бир курашларсиз қўш-қўллаб топширмасдан, аксинча уни сақлаб қолиш йўлида тинимсиз курашган бўлар эди. Россиянинг кейинги ҳарбий амалиётига жавобан Украина халқининг босқинчига қарши курашда бирлашаётганига келсак, бу энди тамоман бошқа масаладир…
Ўзбекистон ҳукумати чиндан ҳам ҳудудий дахлсизлик, аҳоли хавфсизлиги ва туб манфаатлари устида қайғурса, энг аввало Ислом даъвати олдига қўйилган тўсиқларни олиб ташлаши лозим. Чунки даъват халқимизнинг иймонини, ўз динига қайтишини кучайтириб, уларнинг фикр ва тушунчаларини тўғри шакллантиради ҳамда аҳолини жипслаштириб, бир мушт каби кучга айлантиради. Ҳукумат эса, бунинг аксини қилиб, мустамлакачи давлатлар заҳарли қарзлари эвазига қўяётган талаблар, оила ва жамиятни пароканда қилувчи демократик лойиҳаларни ҳаётга жорий қилишга кўпроқ аҳамият қаратмоқда. Масалан, байрам тадбирларида Ўзбекистон байроғи нондек азиз деган маънода, уни ўпиш ва кўзга суртишдек таги пуч ва беъмани ишларга ёшлар узлуксиз тарғиб қилинмоқда. Аслида бундай сиёсат халқимизни бир ҳудудга чеклаб, дунё мусулмонларидан ажратган ҳолда «парчалаб ташлаб, ҳукмронлик қил» қоидасида ўз аксини топган мустамлакачилик режасини кучайтиришдан бошқасига хизмат қилмаслиги аниқ. Токи, мусулмонлар Аллоҳнинг амр ва наҳйларига жавобан, Исломий даъватни бошқа юртларга олиб чиқмасин ҳамда Туркистон уйғурлари каби геноцидга учраб, ожизалари зўрланаётган, уйлари тортиб олинаётган, хуллас турли тажовузлар остида жизғанак бўлаётган биродар халқлар ҳаётига – бошқа давлатнинг ички иши – дея томошабин бўлиб туришсин… Ҳолбуки, мусулмонлар ирқи, миллати ва тили қандай бўлишидан қатъий назар, ягона Умматдир. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дейди:
إِنَّ هَٰذِهِ أُمَّتُكُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً وَأَنَا رَبُّكُمْ فَاعْبُدُونِ
– “Албатта бу – ягона ўлароқ сизнинг умматингиздир ва Мен (эса) Роббингизман. Бас, Менгагина ибодат қилинг”. (Анбиё:92)
Бинобарин, давлат тузуми ва рамзлари мамлакатнинг ҳақиқий таянчи бўлган мусулмон халқ эътиқоди, ўзлиги ва қадриятларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинмас экан, Ўзбекистон ҳудуди ҳам, бойликлари ҳам ҳимоясиз қолаверади. Қачонки, мусулмон халқнинг иймон-эътиқоди ва яшаш тарзининг асоси бўлган «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси – бунга асосланган Исломий давлат мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам – жамият рамзларида устуворлик касб қилса, бу жамиятга дунёнинг энг қудратли армиялари ўнлаб йиллар давомида тинимсиз ҳужумлар уюштирса ҳам, бир қарич еринида эгаллай олмаслиги Афғонистон мисолида яққол кўринди.
Дарҳақиқат, мусулмонлар байроғи Мадинада илк Ислом давлати барпо бўлганидаёқ тайин бўлган. Ливо оқ, роя қора рангда бўлиб, матоларга «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Росулуллоҳ» калимаси ёзилиб, найзага боғланган байроқ Росулуллоҳ ﷺнинг, яъни Ислом ва мусулмонларнинг ўзгармас, ягона байроғидир. Оддий мато парчасини табаррук қилган нарса – унинг давлат рамзи эканлиги бўлиб, унга бўлган эҳтиром Хилофат давлати ва у давлат татбиқ қилаётган тузум – Ислом низомига бўлган эҳтиромдир. Шунинг учун диним Ислом дегувчи ҳар бир иймон соҳиби фақат Ливо ва Роя байроқларига эҳтиром кўрсатиши, ундан бошқа рамзларни рад этиши зарур. Чунки мусулмонлар юртидаги бугунги мустамлака давлатчалар томонидан қабул қилинган миллий байроқларнинг Исломга умуман алоқаси йўқ. Биз бу миллий байроқларда мусулмонлар бирлиги, қудрати ва шавкати тимсоли ўрнига, душманлар томонидан тиқиштирилган «парчалаш ва қул қилиш» сиёсати ўз аксини топаётганига гувоҳ бўламиз. Бир сўз билан айтганда, ҳозирги байроқлар Исломий қадриятлар ифодаси эмас, мустамлакачиликнинг қотил режалари рамзи ўлароқ намоён бўлмоқда. Бугун Америка бошлиқ Ғарб мустамлакачилари Рошид Халифалик давлати ҳақидаги тўғри тушунча ва тасаввурларни бузиш мақсадида режали, кенг кўламли фикрий, сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий курашлар олиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Улар ҳатто Росулуллоҳ ﷺнинг байроғи бўлмиш Ливо ҳақида ҳам, одамларни ундан сескантириш учун «бир ҳовуч бузғунчи тўдалар байроғи» деб кўрсатишга уриниб келмоқда. Демак, Исломнинг ҳаёт майдонига қайтиши йўлидаги барча ғовларни бартараф қилиш қаторида бу миллий байроқларни ҳам буткул рад этиш ва уларни улоқтириб ташлаш лозим. Яқин йиллардаги шонли тарихимизда Ислом давлати, мусулмонлар ҳайбати ва куч-қудратини ўзида акс эттирган Ливо ўрнига, бугунги миллий байроқларга кўрсатиладиган ҳар қандай эҳтиром ўзлигимиз, динимиз қадриятларини оёқости қилиш бўлиб, сўзсиз ножоиз амалдир. Аксинча, Росулуллоҳ ﷺ байроғи бўлмиш Ливони баланд кўтариб, бутун мусулмонларни айни шу байроқ остида бирлаштиришга ҳаракат қилиш вожиб амаллардан бири бўлиб, бу мусулмонар бирлиги ва Аллоҳнинг ҳукмлари ерда олий бўлиши белгисидир.
Бинобарин, саҳобалар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) жиҳод майдонларида икки қўли кесиб ташланганда ҳам мана шу байроқни тишлари билан бўлса-да баланд кўтариб, икки дунё азизлигини қўлга киритишган эди. Шунинг учун ҳам яна такрор бўлса-да айтамиз, Росулуллоҳ ﷺнинг байроғи – Ливодан бошқаси мустамлакачилик байроғи бўлиб, уни қабул қилиш мусулмонларга жоиз эмас. Росулуллоҳ ﷺнинг, шу жумладан мусулмонларнинг бу қутлуғ байроғи кофир ва мунофиқларнинг қалбига қўрқув солиши ва бу қўрқув босими остида улар Ислом мабдасига қарши курашни турли йўллар билан авж олдиришлари табиий. Бироқ мусулмонлар учун бу байроқни тиклаш ва унинг сояси остида яшаш азизлик ва нажотнинг ягона йўли бўлиб қолаверади. Қачон нажот топамиз? Қачонки иймонимиз, ҳаётимиз асоси ва таянчи бўлган لا اله الا الله калимаси давлатимиз ва байроғимизнинг ҳам асоси бўлсагина – ана ўшанда анажот топамиз ва у кунлар иншаАллоҳ яқиндир. Аллоҳ таоло дейди:
وَأُخْرَىٰ تُحِبُّونَهَا ۖ نَصْرٌ مِّنَ اللَّهِ وَفَتْحٌ قَرِيبٌ ۗ وَبَشِّرِ الْمُؤْمِنِينَ
– “Ва (Аллоҳ сизларга) яна бошқа сизлар суядиган (бир неъматни ҳам берурки, у) Аллоҳ томонидан бўлган ғалаба ва яқин(да рўй бергувчи Макка) фатҳидир. (Эй Муҳаммад), мўминларга (мана шу) хушхабарни етказинг!” (Саф:13)
Оиз Ал-Музаний ривоят қилади, Росулуллоҳ ﷺ дедилар:
الإسلام يعلو ولا يعلى عليه
«Ислом олий-устун бўлади ва унинг устидан олий-устун бўлиш бўлмайди». (Ҳасан ҳадис, Байҳақий ривояти)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Абдураҳмон
23.07.2023й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми